24.06.2025
52
БУГУНГИ ФАЛСАФА: ТАНАЗЗУЛ САБАБЛАРИ ВА ЮКСАЛИШ ОМИЛЛАРИ

Muallif: Анвар Кодиров

Annotatsiya: Бугунги фалсафа гўё чуқур таназзулни бошидан кечираётган, ўзининг анъанавий методологик салоҳиятини йўқотиб бўлганидек, кераксиз “матох”га айланганидек бўлиб туюлади. Бундай фикрнинг мантиқий асоси-фалсафани фан, ўқув предмети сифатида таълим режаларида йил сайин қисқартирилиши, анъанавий мустақил фалсафий фанларни нигилистик тарзда бирлаштириш тенденциясининг кейинги йилларда шаклланиб бораётганлигидир. Собик марксча-ленинча мафкурани ижтимоий ҳаёт соҳасидан бадарға қилиниши жамиятда ўзига хос “ваакум”ни вужудга келтиргани каби фалсафани инсон ва жамият ҳаётида ноўрин қисқартириш ва заифлаштриш дунёқараш соҳасида ҳам ўзига хос “бўшлиқ”ни юзага келтирди, айниқса, ёшлар дунёқараши натижада Ғарб “оммавий маданияти” таъсирига тушиб қолмоқда. Энг таажжубланарлиси- илмий тадқиқотлар соҳасига фалсафий методологиянинг алоқаси йўқ, деган нотўғри ижтимоий фикр шаклланди. Бироқ “парадокс” шундаки, илмий даражалар учун ҳуқуқий ваколатли институт – Республика Олий аттестация комиссияси барча фанлар бўйича илмий даражалар номига “фалсафа доктори” терминини илова қилади. Ўзбекистонда фалсафани фан даражасидан йил сайин суриб чиқараётганлиги палласида ушбу нуфузли ва ваколатли ташкилот қайси фалсафани илмий даражалар учун асос ва меъёр қилиб олмоқда, деган савол туғилади. Шу маънода, бугунги фалсафа ўзи қандай? деган иккинчи савол ҳам пайдо бўлади. Тан олиш керак – бугунги шаклдаги фалсафа юмшоқ ифодалаганда суррогат” фан бўлиб, жиддий ифодалаганда эса “демагогия” (“сафсата”)дир. Шу боис ҳам у таназзулга юз тутган. Аниқ, конкрет фанлар фалсафанинг бундай аянчли мазмунидан юз ўгирмоқда, фалсафа фан тараққиёти йўлида ортиқча ғов бўлиб турибди. Хўш, масалани қандай ечими мавжуд ва инсоният тафаккурининг анъанавий “ гултожи” бўлиб келган фалсафани инсон ва жамият ҳаётида мавқеини қандай тиклаш ва юксалтириш мумкин, деган савол туғилади. Фалсафанинг мазмун-моҳияти аслида турли ҳаётий масалалардан иборат: “Инсон нима?”, “Ҳаёт ва унинг мазмуни нимада?”, “Борлиқ нима?”, “Ўлим нима?” ва ҳоказоларга асосланади. Бундай масалалар юзаки қараганда оддий, содда масалалар бўлиб кўринади. Аслида эса бугунги инсон ва инсоният тафаккури аксарият рационал, илмий табиатда бўлганлиги сабабли инсон ва инсониятнинг ўзи “Апокалипсис” - “Охир замон”, сўнгги давр бўлишини тезлаштирмоқда – умуминсоний таназзулга юз тутмоқда. Жумладан, фалсафа ҳам таназзулни бошдан кечирмоқда. Ушбу таназзулдан чиқиш йўллари ва омиллари ҳам мавжуд. Ушбу мақолада фалсафа таназзули ва ундан чиқиш, фалсафий тафаккурни замон талаблари асосида юксалтириш хусусида мулоҳаза юритилади.

Kalit so'zlar: фалсафа, фалсафа таназзули, рационал тафаккур, иррационаллик, эзотеризм, тасаввуф фалсафаси, суфизм тариқати, янги ҳаёт парадигмаси.

Jurnaldagi sahifalar: 81 - 85

Yuklab olish